Сингапур КХДР етакчиси Ким Чен Ин ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг 12 июндаги учрашувини ташкиллаштиришга қарийб 12 миллион доллар сарфлаган. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
«Сингапур ҳукуматининг харажатлари тахминан 12 миллион долларни ташкил этди, энг кўп пул хавфсизликка сарфланди», — дейилади мамлакат ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Шунингдек, ТИВ Америка — Шимолий Корея саммитига мезбонлик қилиш орқали Сингапур Корея ярим оролида тинчлик ва барқарорликка эришиш бўйича халқаро ҳаракатларга ҳисса қўшганини айтди.
Аввалроқ Сингапур КХДР — АҚШ саммитини ёритган журналистлар ташрифи ҳисобига 5,3 миллион доллар ишлаб олгани маълум қилинган эди. Шунингдек, медиа-самарадорликни баҳоловчи Meltwater компанияси бўлиб ўтган саммит Сингапурга камида 524 миллион доллар даромад келтиришини прогноз қилмоқда. Бундай ҳисоб-китоб жаҳон ОАВларида тилга олиниш сони, аудитория қамрови, маҳаллий меҳмонхоналар тарихий қадамжоларнинг иқтибос қилиниши кабиларга асосланади.
Изоҳ (0)