Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўзи ва Россия президенти Владимир Путинни БМТ Бош Ассамблеясидаги энг тажрибали сиёсатчилар экани ва уларнинг ўхшаш томонлари кўплигини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«Тажриба ҳақида гапирадиган бўлсам: БМТ Бош Ассамблеясида 2 нафар энг тажрибали сиёсатчи бор – бошқаларни эслолмаяпман, балки яна кимлардир бордир – бири мен, иккинчиси – Путин. Агар президентлик ва бош вазир лавозимида ишлаш даврини ҳисоблайдиган бўлсак, умумий ҳисобда 15—16 йиллик муддат бўлади. Бу даврда эришилган натижалар бор, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар ҳам», — дея Эрдўғон TRT телерадиокомпаниясига Туркиядаги президентлик ва парламент сайловлари олдидан берган интервьюсида маълум қилган.
Туркия президентнинг сўзларига қараганда, у ва Путин ўртасида худди Россия ва Туркия ўртасидаги каби ижобий муносабатлар шаклланган. Бу айниқса Анқара Сурия шимолида «Зайтун новдаси» операциясини бошлаганида, шунингдек, Суриядаги вазиятни барқарорлаштиришга бағишланган Остона ва Сочи музокаралари давомида ўз тасдиғини топган.
24 июнь, якшанба куни Туркияда муддатидан олдинги президентлик сайловлари бўлиб ўтади.Президентликка Ражаб Тоййиб Эрдўғон (айни пайтда ҳукумат тепасида турган Адолат ва тараққиёт партияси), Муҳаррам Инже (Халқ республикачилар партияси – бош мухолифатчи партия), Салоҳиддин Демиртош (курдлар манфаатини ҳимоя қилувчи Халқлар демократияси партияси), Мерал Акшенер (Яхши партия), Темел Карамоллаўғли («Саодат»партияси) ва Догу Перинчеклар («Ватан» партияси) ўз номзодини қўйган. Президентлик билан бир вақтда парламент сайловлари ҳам бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)