ЎзА мухбири Азимжон Пўлатов дунё мамлакатларидаги мактабларда қандай форма жорий этилгани ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди.
Буюк Британияда дастлабки мовий рангли мактаб формаси 1509—1547 йилларда мамлакатни бошқарган қирол Генрих VIII даврида жорий этилган.
Замонавий Буюк Британияда ўқувчилар учун мўлжалланган свитер ва пиджак махсус «Кевлар» матосидан тикилади. Айнан шу материалдан Британия аскарлари учун зирҳли нимчалар ҳам тайёрланади. Айрим мактаблар эса полиэстер, яъни пластик шишачалардан ишланган мактаб формасини маъқул кўрмоқда. У биринчи бор 2008 йилда сотувга чиқарилган. Шундай мактаблар борки, у ерда похолдан тўқилган бош кийимда юрадиган болаларни ҳам учратиш мумкин.
Германиянинг кўпгина мактабларида ягона мактаб формаси жорий этилган. Мактаб формаси масаласи бўйича баҳс-мунозаралар ҳамон давом этмоқда. Шуниси диққатга сазоворки, мактаб ўқувчилари ҳам кийимларни такомиллаштириш бўйича ўз таклифлари билан чиқишлари мумкин. Яқинда Россиянинг Иваново вилояти Халқ таълими бошқармаси германияликлар билан синтетик толадан янги мато ишлаб чиқариш бўйича шартномани имзолади.
«Кунчиқар юрт» – Японияда қизлар киядиган мактаб формаси «Сейлор-фуку» деб аталади. Бу либос денгизчиларнинг кийимини эслатади. Ўғил болалар «Гакуран» деб аталадиган қора костюм-шим кийишади.
Америка Қўшма Штатларида мактаб формаси мажбурий ҳисобланади. Бу тартиб-қоида 1996 йилдан кучга кирган. Бироқ мактаб формаси борасида турли хил қарашлар мавжуд. Демократия тарафдорлари мактаб ўқувчиларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилар экан, улар истаган кийимда мактабга боришлари керак, деб ҳисоблашади. Мактаб формаси интизомни мустаҳкамлайди ва фанларни ўзлаштиришда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади, деб ҳисоблайдиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Австралиядаги барча хусусий ва католик мактабларида ўқувчилар дарсга махсус кийимда келишлари шарт. Айрим билим масканларида 13—14 ёшгача бўлган болаларга шортида юришга рухсат берилган.
Аргентинадаги давлат мактабларида оқ халат жорий этилган.
Индонезияда мактаб ўқувчисининг ёшини форма рангига қараб ажратиш мумкин.
Ҳиндистоннинг ҳар бир штатида ўзининг махсус мактаб формаси мавжуд.
Изоҳ (0)