Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида ички ишлар идоралари ходимлари қўшмачилик билан шуғулланаётган аёлни мижозни қабул қилаётганида қўлга олди. Бу ҳақда «Зарафшон» хабар бермоқда.
Аёл икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, Россияда ишлаб, Жума шаҳридан уй олгани, бу ерга келгач, иш тополмагани, болаларини бир ўзи вояга етказаётгани, бор-йўғи бир мартагина қўшмачилик билан шуғулланишига тўғри келганини билдирди.
Аммо аёл истиқомат қиладиган маҳалланинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси бошқача фикрларни айтди: «Бир неча бор огоҳлантирганмиз. У тиббиёт коллежининг ҳамширалик йўналишини тугатган, аммо дипломи бўйича иш топа олмади. Сабаби, ўтган йиллар давомида Россияда меҳнат қилган, энди яна ўзи ишлаган жойга қайтиши учун малака ошириши керак».
Аёл ўзи айтганидай бир марта шу билан шуғулланганми ёки маҳалла фаолининг гапига кўра, бир неча марта уйида «қўноқ» қабул қилганми, буниси номаълум. Аммо унинг иши судга оширилди.
Айни пайтда аёлга Пастдарғом туман ҳокимлиги томонидан тегишли ёрдам кўрсатилмоқда. Хусусан, у туман тиббиёт бирлашмасида ишлаши учун қайта ўқитишга жўнатилиб, фарзандини боғчага жойлаштириш масаласида кўмак берилмоқда.
Изоҳ (0)