Тошкентда «Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли» мавзуида халқаро конференция бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбир Олий Мажлис Сенати томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори ва БМТ билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Испания, Нидерландия, Латвия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Малайзия, Кувайт, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон сингари мамлакатлар делегациялари, хорижлик экспертлар, шунингдек, сенаторлар, депутатлар, фан арбоблари, журналистлар иштирок этмоқда.
Анжуманда ёшлар орасида терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмга қарши курашишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари, бу жараёнда уларнинг ролини ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлигини кучайтириш, интернет ва ОАВда бундай иллатлар ташвиқотининг олдини олиш, ёш авлод вакиллари терроризм ва тажовузкор экстремизм таъсири остига тушиб қолишига йўл қўймаслик мақсадида фан, маданият, спорт соҳаларида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Конференция доирасида Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази томонидан ЕХҲТ кўмагида экстремизмга қарши курашиш — «Stopterror.uz» ахборот порталининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда «Марказий Осиё ёшлари тажовузкор экстремизмга қарши» танловининг минтақавий босқичи натижалари эълон қилинди.
Учрашувда, шунингдек, тажовузкор экстремизм ва терроризмнинг олдини олишда минтақа мамлакатлари ёшларининг халқаро уюшмасини ташкил этиш истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
Изоҳ (0)