Йўловчи ташиш транспорти хизматлари нархи май ойи давомида ўртача 2,3 фоизга ошди. Бу ҳақида Давлат статистика қўмитасининг нархлар статистикаси бошқармасига асосланиб, ЎзА хабар берди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Андижон, Наманган ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари қарорига асосан, ушбу ҳудудлардаги шаҳар автобус транспортларида йўл ҳақи тўловлари оширилган.
Андижон ва Наманган вилоятларида ушбу кўрсаткич ўртача 66,7 фоиз, Самарқанд вилоятида 33,3 фоиз ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида эса 28,6 фоизни ташкил этган.
Узоқ масофага қатновчи темир йўл транспорти чипталарининг нархи ой давомида 9,3 фоизга арзонлашди. Бунга сабаб сўмга нисбатан швейцария франки курсининг пасайиши, шунингдек, бир қатор йўналишлар бўйича базовий тарифларга нисбатан индексация коэффициентларининг камайтирилганлиги натижасида нархларда пасайиш ҳолатлари кузатилган.
Ўтган ойда самолёт чипталарининг нархлари ўртача 3,0 фоизга арзонлашди.
Бу сўмга нисбатан евро курсининг пасайиши оқибатида вужудга келган.
Изоҳ (0)