2018 йил 29 май куни Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияси масъул котиби В.З. шаҳарда яшовчи фуқародан уй-жойга эгалик ҳуқуқи олиш масаласини ҳал қилиб бериш учун 600 АҚШ доллари олаётганда ушланди, дея хабар бермоқда ЎзА Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизматига таяниб.
Фуқаро ўзи яшаб турган хонадони ҳамда синглиси ва қизининг уйига эгалик ҳуқуқини олиш учун Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилганида В.З. ўзининг уй-жой масаласи бўйича масъул эканлигини билдириб, суд орқали хонадонларга эгалик ҳуқуқини бериш эвазига ҳар бир хонадон учун 200 АҚШ доллари берса, ишини ҳал қилиб беришини айтади.
Шундан сўнг, фуқаро аризаси асосида Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияси масъул котиби лавозимида ишловчи В.З. хизмат хонасида 600 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ушбу ҳолат юзасидан ИЖҚК департаментининг Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)