Бугун, 25 май санасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Испания миллий чемпионати бўлмиш Ла Лига ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик меморандумига асосан Ла Лиганинг «Осиё давлатлари билан алоқалар» бўлими бошлиғи Хаис Раҳмони ва «Мусобақалар ва турнирлар ташкил қилиш» бўлими бошлиғи Рауль Охедалар Ўзбекистонга келди, деб ёзади ЎФА матбуот хизмати.
Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов эса Ла Лига бўлим бошлиқлари билан учрашди.
Учрашув давомида Аҳмаджонов ўзбек футболи ривожи йўлида Испания тажрибасини ўрганиш асосий мақсад эканини айтиб ўтди. Мақсадни амалга ошириш учун Ла Лига томонидан Ўзбекистонга мутахассисларни жалб қилиш, улар томонидан семинарлар ташкил қилиш, ЎФА ходимларига иш фаолиятини йўлга қўйиш борасида амалий маслаҳатлар зарурлигини айтиб ўтди.
Ўз ўрнида Ла Лига бўлим бошлиқлари ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшишга, мутахассисларни Ўзбекистонга юбориб, турли семинарлар ташкил қилиш ва тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёр эканини маълум қилди, дейилади хабарда.
Хаис Раҳмони ва Рауль Охедалар Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси вакиллари ва миллий чемпионатимизда иштирок этаётган клублар ходимлари учун семинар ўтказади.
Таъкидланишича, семинарда миллий чемпионат ўйинларини ташкил қилишда аҳамият қаратиш керак бўлган жиҳатлар, маркетинг масалалари, ҳомийлар билан ишлаш, мухлисларни стадионларга жалб қилиш каби мавзуларда фикр алмашилинади.
Изоҳ (0)