Самарқанд вилоятидаги корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари дунёнинг 80 га яқин давлати, жумладан, АҚШ билан экспорт-импорт операцияларини амалга ошириб келмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида томонлар ўртасидаги товар айланмаси 1 миллион 480 минг доллардан кўпроқни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар ўсишга эришилди.
Айни пайтда бунда импорт улуши кўпроқ (1 миллион 103 минг доллар) бўлса-да, йил якунига қадар экспорт кўрсаткичларини ҳам ошириш имконияти мавжуд.
Шу билан бирга, ҳозирда АҚШ капитали иштирокида 10 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Мазкур субъектлар томонидан замонавий технологиялар асосида озиқ-овқат ва фармацевтика маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, бир қатор хизмат кўрсатиш корхоналари ташкил этилган.
Самарқанд шаҳрида жорий йил январь ойидан иш бошлаган масъулияти чекланган жамият шаклидаги Marokand Pensylvania Trade қўшма корхонаси ана шундай ишлаб чиқариш субъектларидан ҳисобланади.
— Спиртсиз ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни йўлга қўйганмиз, — дейди корхона раҳбари Ш. Раҳматов. — Америкалик ҳамкорларимиз кўмагида хориждан 500 минг долларлик замонавий технология келтириб ўрнатганмиз. Унинг ёрдамида кунига уч хил ҳажмда 50 минг дона минерал сув ва бошқа ичимликларни қадоқлаш имконияти мавжуд. Маҳсулот асосан ички бозорга чиқарилмоқда. Ҳозирда корхонамизда 10 нафар ёш доимий иш билан таъминланган. Келгусида маҳсулот тури ва ҳажмини ошириш ҳисобига қўшимча иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)