Қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш учун буюртмалар портфелини шакллантириш устувор равишда бир йилда икки марта амалга оширилади, деб ёзади ЎзА.
Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 майдаги «Қишлоқ хўжалигини ўз вақтида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилди.
Қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш учун буюртмалар портфелини шакллантириш устувор равишда бир йилда икки марта – февраль март ва сентябрь октябрь ойларида маҳаллий ва жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчилари иштирокида ўтказиладиган ҳудудий ярмаркалар давомида амалга оширилади. Бунда февраль март ойларида қишлоқ хўжалиги техникасини жорий йил учун, сентябрь октябрь ойларида – келгуси йил учун етказиб бериш бўйича қўшимча шартномалар тузилади.
Шунингдек, ишлаб чиқарувчиларга қишлоқ хўжалиги техникаси учун олдиндан тўлов етказиб берилаётган техника нархининг 80 фоизидан кам бўлмаган миқдорда техникани етказиб бериш бошланишидан 120 кундан кам бўлмаган муддатда, якуний ҳисоб-китоб эса етказиб берилган техника қабул қилингандан кейин 10 иш куни давомида амалга оширилади.
Изоҳ (0)