Тошкентда «Матбуотчилар уйи» сотилиши тўхтатилгани ҳақида аввалроқ хабар бергандик. Шаҳар ҳокимлиги мазкур масала тафсилотларига ойдинлик киритди.
2016—2017 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарори билан «Ўзсаноатқурилишбанк»дан «Тошбозорсавдо» уюшмаси учун шаҳардаги бозорларни реконструкция қилиш учун маблағ олинган. Гаров таъминоти сифатида эса «Матбуотчилар уйи» кўрсатилган.
Орадан бир ярим йил вақт ўтишига қарамасдан уюшма томонидан кредит қарзлари қопланмаган. Оқибатда «Матбуотчилар уйи» Миробод тумани Мажбурий ижро бюроси томонидан аукционга қўйилади.
«Тошбозорсавдо» томонидан кредит қопланмаганлиги оқибатида шаҳар марказидаги журналистлар биноси ўз баҳосидан анча арзон миқдорда аукционга қўйилгани киноя билан «уюштирилган спектаклга» ўхшатилган эди.
ОАВдаги чиқишларга Тошкент шаҳар ҳокимлиги бефарқ бўлмади. Шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев мазкур иш ҳужжатлари қайта кўриб чиқилганини маълум қилди. Эндиликда «Тошбозорсавдо» банкка кредит пулларини ўз ҳисобидан тўлайди.
«Матбуотчилар уйи» кредит гаров таъминоти сифатида бекор қилинган. Бино аввалгидек Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфида қолди. Марказий газеталар бошқа манзилга кўчирилмайди.
Изоҳ (0)