Фарғона вилояти архив иши ҳудудий бошқармасининг Қува туман давлат архивига бир фуқаро мурожаат қилиб, уй-жой қуриш учун бувисининг номига қабул қилинган қарорни қариндошлари даъво қилмасликлари мақсадида отасининг номига чиқарилган қарордан кўчирма тайёрлаб беришни сўрайди. Архив директори бундай «мижоз»ни қўлдан бой бергиси келмади. Таъмагирлик йўлини тутиб, қарордан кўчирма тайёрлаб бериш учун 300 доллар талаб қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Фуқаро бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилди. ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Қува тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда архив директори ўз хизмат хонасида 250 доллар ва мурожаат қилган фуқаронинг паспортини олганида ушланди.
Маълум бўлишича, архив директори 2015—2017 йиллар давомида Қува туманига оид бўлган ер участкалари ажратиш, хонадонларни хусусийлаштириш, эгалик ҳуқуқини аниқлаш бўйича ижроия қўмиталари, ҳокимлар, судлар, нотариал идоралар қарорлари ва ҳужжатлари бўйича 832 ҳолатда архив маълумотларидан берилган архив кўчирмаларини, ушбу кўчирмалар учун фуқаролар томонидан «Ўзархив» агентлигининг кўрсатмаси асосида белгиланган, ҳар бир кўчирма учун тўланиши лозим бўлган 61 минг 649 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштириш мақсадида ташкилотнинг рўйхатга олиш китобига ушбу кўчирмалар иш ҳақидан экани, яъни давлат божи ундирилмайдиган кўчирмалар эканлиги ҳақида сохта маълумотларни киритган. Мазкур мулкий турдаги кўчирмаларга қалбаки чиқиш рақамларини қўйиб, жами 51 миллион 291 минг 968 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштириб юборган.
Шунингдек, 2015—2017 йиллар давомида фуқароларга ер участкалари ажратиш, хонадонларни хусусийлаштириш, эгалик ҳуқуқини аниқлаш бўйича ижроия қўмиталари, ҳокимлар, судлар, нотариал идоралар қарорлари ва ҳужжатлари бўйича тайёрлаб берилган кўчирмалар учун белгиланган 61 минг 649 сўм миқдоридаги давлат божини 63 ҳолатда кам ундириши натижасида жами 2 миллион 499 минг 234 сўм миқдордаги пул маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилгани аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Қува тумани суди томонидан архив директорига ўз қилмишларига яраша жазо тайинланди.
Изоҳ (0)