Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида жорий йилнинг 21—24 апрель кунларида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан ташкиллаштирилган Қуръон мусобақасининг «Ҳифз» йўналиши бўйича биринчи ўрин соҳиби, мусобақанинг мутлақ ғолиби Тошкент Ислом институти талабаси, қорақалпоғистонлик Жолдасбой Нуритдиновни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Эрниязов мусобақа ғолибини ажойиб ғалаба билан табриклади.
Ушбу мусобақа Қорақалпоғистон Республикасининг вакиллари учун жуда муваффақиятли бўлди. Жумладан, Жолдасбой Нуритдинов мутлақ ғолиб сифатида Президентнинг совғаси Gentra автомашинаси билан тақдирланган бўлса, 18—25 ёшдаги эркаклар ўртасида «Тиловат» йўналиши бўйича яна бир Қорақалпоғистон вакили Нурмуҳаммед Аметниязов учинчи ўринни, диний таълим муассасаларининг талабалари ўртасида «Тиловат» йўналиши бўйича Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус Ислом билим юртининг талабаси Ҳамидуллоҳ Ҳикматуллаев иккинчи ўринни эгаллади.
Ўз навбатида, мусобақа ғолиби Жолдасбой Нуритдинов алоҳида эътибори учун Жўқорғи Кенгес Раисига миннатдорчилик билдирди.
Қабул якунида ғолибга эсдалик совғалар топширилди.
Изоҳ (0)