Тошкент шаҳри Юнусобод тумани ИИО ФМБ 5-сон ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида 1978 йил Тошкент шаҳрида туғилган Д.Акромов (исмлар ўзгартирилган) хонадонидан 1 та 12 калибрли ТОЗ-43 русумидаги ов милтиғи, 1 та пневматик қурол, 29 дона фойдаланилмаган ов ўқи, 59 дона фойдаланилган ов милтиғи ўқи борлиги аниқланди ва тегишли тартибда олиб қўйилди, деб хабар беради ЎзА.
Маълум бўлишича, қуроллар Д.Акромовнинг 2004 йилда вафот этган отасига тегишли бўлган. Бироқ фуқаро шу вақтга қадар уларни ҳуқуқ посбонларига топширмай ўз уйида ноқонуний равишда сақлаб келган.
Баллистик экспертиза хулосасига кўра, қурол-аслаҳаларнинг маълум бир қисми фойдаланишга яроқли. Шу боис фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси (Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент шаҳар ИИББ пойтахт аҳолисини рухсат этилган тегишли ҳужжатларсиз сақланаётган қуроллари бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширишга чақирди.
«Эслатиб ўтамиз, қуролларни ихтиёрий равишда топширган фуқаролар жиноий жавобгарликдан озод этилади», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)