Арманистоннинг собиқ президенти Серж Саргсян номзоди бош вазир лавозимига илгари сурилишига қарши намойишга чиққанлар 16 апрель, душанба куни пойтахт Еревандаги қатор асосий автойўлларни тўсиб қўйди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Йўлларда ҳайдовчисиз, бироқ авария сигналлари ёқилган машиналар қолдирилгани, кишилар асфальтга ётиб, автомобиллар ва жамоат транспортини ўтказмаётгани билдирилмоқда. Шаҳар марказида ҳаракатланиш деярли тўхтатилган.
15 апрель, якшанба куни мухолифатдаги «Елк» фракцияси раҳбари, Арманистон парламенти депутати Никол Пашинян Ереван аҳолисини оммавий бўйсунмаслик акцияларини уюштириш, жумладан, кўчалар ва кўприкларда ҳаракатланишга тўсқинлик қилиш, метрополитен фаолиятига йўл қўймаслик, банклардаги барча ҳисоб рақамларидан пулларни олишга чақирганди.
Полиция ҳозирда парламентни қуршаб олди ва намойишчиларни асосий йўллардан тарқатиб юборишни бошлади.
14 апрель, шанба куни ҳукмрон Республика партияси ўз етакчиси, собиқ давлат раҳбари Саргсяннинг номзодини мамлакат бош вазири лавозимига расман тасдиқлади. 17 апрель куни Арманистон парламентида бошқарувнинг парламент шаклига ўтган мамлакатда ҳокимиятни ўз қўлида жамлайдиган янги бош вазир сайлови бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)