«Ўзбеккино» миллий агентлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази ва Ёш киноижодкорлар кенгаши қошида Ўзбекистонда кино туризмини ривожлантириш ҳамда хорижий кинокомпанияларни Ўзбекистон ҳудудида фильмларни тасвирга олиш ишларида ташкилий ва ишлаб чиқариш-техник хизматларни кўрсатиш бўйича доимий фаолият юритадиган махсус Ўзбек кинокомиссияси ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Юқорида номлари келтирилган ташкилотлар бундан буён республика ҳудудида фильмларни тасвирга олиш учун хорижий кинокомпанияларни кенг жалб қилиш ҳамда уларга халқаро тажриба асосида киносервис хизматларини кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилади.
Кинокомиссиянинг асосий вазифалари хорижий инвесторларни Ўзбекистонга жалб этиш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини кенг тарғиб қилиш, хорижий кинокомпанияларга республика ҳудудида қулай шароит яратиш, уларга ташкилий ва техник хизмат кўрсатиш, уларнинг маҳаллий киностудиялар билан ҳамкорликда фильмлар (копродуксия) ишлаб чиқаришини ташкиллаштириш, Ўзбекистонда суратга олинаётган хорижий картиналарга маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш, республиканинг диққатга сазовор жойларида тасвирга олинган фильмларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш орқали мамлакатнинг туристик жозибадорлигини намоён қилиш ва кинотуризм соҳасини ривожлантиришдан иборатдир.
Кинокомиссиянинг сайти uzbekistanфильмcommission.com ишга туширилди. Унда мамлакатнинг диққатга сазовор жойлари ҳамда комиссия томонидан кўрсатиладиган асосий хизматлар ҳақида ахборот акс эттирилган.
Кинокомиссия шу йилнинг май ойида Францияда бўлиб ўтадиган 71-Канн халқаро кинофестивали доирасидаги «Uzbekistan» павилонида тақдимот қилинади. Шунингдек, тез орада ўзбек кинокомиссиясининг штаб квартираси Лос-Анжелес шаҳрида жойлашган халқаро кинокомиссия ассоциациясига аъзо бўлиш масаласи ҳам кўрилмоқда.
Изоҳ (0)