Қашқадарёда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, Германиянинг «Friedensdorf International» халқаро ташкилоти ҳамкорлигида 12 ёшгача бўлган болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тиббий кўрикда Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидан келган 130 дан зиёд бемор бола қатнашди.
Кўрик давомида асосан тана таянч ҳаракат тизими, урологик хасталиклар билан оғриган, терида куйишдан қолган асоратлари бўлган болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар, айрим болаларга мамлакатимиздаги ихтисослашган тиббий муассасаларда даволаниш учун йўлланма берилди. Туғма нуқсонли ва куйиш асоратлари бор бир неча бола Германия клиникаларига жўнатиладиган бўлди.
Улардан бири остеомиелит (суяк чириши) касаллиги билан оғриган ғузорлик 10 ёшли Адҳам Салимовдир. У етти йилдирки, ушбу касалликдан азият чекади.
«Ўғлим 3 ёшлигида қаттиқ йиқилиш натижасида болдир суягини синдириб олган эди. Суяклари нотўғри битган экан. Натижада бир оёғи калта бўлиб қолди. Бундай касалликни даволаши мумкин бўлган юртимиздаги деярли барча мутахассисга кўрсатдим. Икки марта Тошкентдаги шифохонада жарроҳлик амалиёти ўтказилди, бироқ натижа бўлмади. Хорижда даволатишга эса имконим йўқ. Шу боис бугун умид билан германиялик мутахассислар қабулига ўғлимни олиб келдим. Улар касаллик варақалари ва рентген натижаларини олиб кетишди, имкон қадар ёрдам беришга ваъда қилишди», —дейди Рўзи Тўрақулов.
Изоҳ (0)