21 март куни Тошкент шаҳридаги «Шайх Зайниддин» жоме масжидида 200 нафар жисмонан эшитиш ва сўзлашиш имкониятлари чекланган ўзбекистонликлар Ислом динини қабул қилди. Бу ҳақда «Azon.uz» масжид маъмуриятига таяниб хабар бермоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Тошкент шаҳар Олмазор тумани «Исломобод» жоме масжиди имом хатиби Жуманов Абдулҳамид домла бошчилигида эшитиш ва сўзлашиш имкониятлари чекланган 200 киши учун «Шайх Зайниддин» жоме масжидида тадбир ўтказилди. Ушбу тадбир давомида бир пайтлар миссионерлик ҳаракати оқибатида адашиб бошқа динларни қабул қилган бу ўзбекистонликларга Ислом динининг ҳақ дин эканлиги ва унда ҳамма баробарлиги тушунтирилди. Уларнинг барчаларига имон калималари ёзилган махсус маълумотномалар тарқатилди. Натижада бу 200 киши кўзлари ёшга тўлган ҳолда муқаддас Ислом динини қабул қилди, дейилади хабарда. Тадбир сўнгида ҳомийлар томонидан байрам муносабати билан таомлар берилиб, эсдалик учун ҳадялар улашилди.
Нашр эслатишича, айнан шу имом-хатиб томонидан бироз аввалроқ эшитиш ва сўзлашиш имкониятлари чекланган ўзбекистонликлар учун жума намозида сурдотаржимон орқали маъруза тинглаш имконияти яратилган эди.
Изоҳ (0)