Тожикистон чегара қўшинлари Ўзбекистон билан чегарадаги барча назорат-ўтказиш пунктларида ходимлар сонини 3-4 штат бирлигига кўпайтирди. Бу ҳақда қўшинлар матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаев маълум қилди, деб хабар беради Asia-Plus.
Мазкур қарор фуқаролар учун максимал шароитлар яратиш, улар навбатда туриб қолишининг олдини олиш учун чегарадан тезроқ ўтказиб юбориш мақсадида қабул қилинди.
«Яқин орада Ўзбекистон билан чегарадаги барча назорат-ўтказиш пунктларида чегара назорати кабиналарини кўпайтириш ва бу билан уларнинг ўтказиш имкониятини ошириш кўзда тутилмоқда», — деди матбуот котиби.
Маълумот учун, жорий йил 1 мартидан эътиборан Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида битта темир йўл ва 8 та автомобиль ўтказиш пункти, шунингдек, битта чегара пости ўз ишини тиклади.
Изоҳ (0)