Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9 март куни давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасига келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Душанбе халқаро аэропортида давлат раҳбарини Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди.
Ўзбекистон Президенти шарафига бутун шаҳар бўйлаб Ўзбекистон байроғи кўтарилди. Кўчаларга чиққан минглаб тожикистонликларнинг юз-кўзидаги хурсандчилик ушбу ташриф улар учун орзиқиб кутилган воқеа эканидан далолат беради, дейилади хабарда.
Ўзаро муносабатлар тарихида бу Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга илк давлат ташрифидир. Томонлар ушбу музокараларга мамлакатлар ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, уни амалий мазмун билан бойитиш учун имконият сифатида қарамоқда.
Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги музокараларда турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилади, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар кўриб чиқилади.
Турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат халқига қулайликлар яратишга қаратилган тарихий ҳужжатлар имзоланади.
Ташриф доирасида бизнес-форум ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси, икки мамлакат санъат усталари иштирокида концерт ташкил этилади.
Изоҳ (0)