Ўзбекистонда 10-11 синф ўқувчилари ўртасида математика, физика ҳамда информатика фанлари бўйича «ал-Хоразмий издошлари» номли кўрик-танлов таъсис қилинди. Бу ҳақда танлов ташаббускори — Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказиладиган кўрик-танловнинг асосий мақсади буюк олим ва математик Муҳаммад ал-Хоразмийнинг илмий меросини тарғиб қилиш, ёш авлоднинг аниқ фанларга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида иқтидорли ёшларни юзага чиқариш, уларга салоҳиятларини намойиш қилишлари учун зарур шароитларни яратиб беришдан иборат.
Кўрик-танлов апрель ойида старт олади ва уч босқичда ташкил қилинади. Биринчи босқичда иштирокчилар ўз мактабларида математика, физика ҳамда информатика фанларидан онлайн усулда имтиҳон топширади. 80 баллдан юқори балл тўплаган ёшлар танловнинг кейинги босқичига йўл олади. Иккинчи босқич минтақавий шаклда бўлиб ўтади ва иштирокчилар учала фанга доир жами 9 та топшириқни уддалаши керак бўлади. 100 баллдан 75 балл тўплаганлар сўнгги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўтказиладиган сўнгги босқичда танлов қатнашчилари эътиборига математика, физика ҳамда информатика фанларига доир 15 та вазифа ҳавола қилинади. Танловда энг юқори балл тўплаган олти нафар ғолибга «Муҳаммад ал-Хоразмий издошлари» танловининг дипломи ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 65 баробаридан 100 баробаригача бўлган пул мукофотлари топширилади.
Изоҳ (0)