«Жиззах» махсус индустриал зонасида йилига 50 минг дона қуёш коллектори ишлаб чиқариш қувватига эга Thermo Water Electric корхонаси фаолият кўрсатаётгани муқобил энергиядан фойданишда катта имконият яратмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Жиззахда ўтказилган муқобил энергиядан фойдаланиш масаласига бағишланган семинар доирасида ушбу корхонада Royal савдо белгисида ишлаб чиқарилаётган сув иситгич қурилмаларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда корхона мутахассислари қуёш сув иситгич қурилмаларининг афзалликлари, маҳсулот сифати, сотиш, ўрнатиш тартиблари хусусида семинар иштирокчиларига маълумот берди.
— Корхонамизда ўтган йилнинг декабрь ойидан 200, 300, 500 ва 1000 литр ҳажмдаги сув иситгичлар сотувга чиқарилмоқда, — дейди Thermo Water Electric етакчи мутахассиси Алишер Йўлдошев. — Бу қурилмалар сувни қуёш энергияси ёрдамида 60 даражагача иситиб беради. Меъёрдаги иссиқ сувни етказиб берувчи бундай қурилмалар истеъмолчи учун қулай. Сарфланадиган кунлик энергия учун кетадиган харажатга таққослаганда, қуёш коллекторларидан фойдаланиш анча арзон. Бу айниқса, электр энергияси билан барқарор таъминланмаган чекка қишлоқ ҳудудлари учун жуда қулай.
Изоҳ (0)