Ўзбекистон ва Тожикистоннинг чегара ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли «Ойбек» чегара-божхона пости орқали қўшни мамлакатга визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлди. «Газета.uz»нинг хабар беришича, чегарани босиб ўтишнинг соддалаштирилган тартиби 10 февралдан жорий этилган.
«Ойбек» пости орқали Тошкент вилоятининг Ангрен ва Бекобод шаҳарлари, шунингдек, Бекобод, Пискент, Оҳангарон ва Бўка туманларида истиқомат қилувчи ўзбекистонликлар визасиз, беш кун муддатга Тожикистонга ўтиши, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Бобожон Ғофуров, Мастчоҳ ва Ашт туманларидаги аҳоли эса Ўзбекистонга кириши мумкин.
«Божхонадан ўтдик, ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Муаммолар келгусида ҳам бўлмайди, деб ўйлайман. Авваллари декларация, визалар билан боғлиқ муаммолар бор эди. Ҳозир эса ички паспорт бўйича ўтиб келдик», — деди сўнгги 10 йилда биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрган тожикистонлик Эргашали Пардаев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Ўзбекистон ҳукумати Тожикистон билан чегарадаги битта темир йўл, саккизта автомобиль ўтказиш пунктлари, шунингдек, чегара пости фаолиятларини қайта тиклаш тўғрисидаги қарорни эълон қилган эди.
Изоҳ (0)