Тошкент шаҳридаги Қуролли Кучлар давлат музейида 24 февраль куни 73 ёшида вафот этган нафақадаги генерал-майор Исмоил Эргашев билан видолашув маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мотам маросимида кенг жамоатчилик, вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.
И. Эргашев 1945 йил 5 августда Самарқанд вилоятининг Челак шаҳрида туғилган. У 1992—94- йилларда Мудофаа вазирлиги артиллерия бошқармаси бошлиғи, 1994—97 йилларда Мудофаа вазирлиги артиллерия бошқармаси бошлиғи – артиллерия қўмондони, 1997—99 йилларда Мудофаа вазирининг фронт орти таъминоти ва капитал қурилиш бўйича ўринбосари, 1998—2000 йилларда Мудофаа вазирининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари, 2000—2004 йилларда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, 2004—2005 йилларда Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бирлашган штаби бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.
Унинг эл-юрт тинчлиги йўлидаги фидокорона хизматлари муносиб эътироф этилган. Генерал-майор И. Эргашев мамлакатнинг бир қанча давлат мукофотлари, жумладан, I ва II даражали «Шон-шараф» ҳамда «Жалолиддин Мангуберди» орденлари билан тақдирланган.
И. Эргашев ўзи туғилиб-ўсган Челак шаҳридаги қабристонда дафн этилади.
Изоҳ (0)