«Mehr va Oqibat» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятига 2014 йил охиридан буён Жиззахнинг Пахтакор шаҳри аҳолиси кўп бора мурожаат қилиб, шаҳарда эгали ва эгасиз жониворларнинг шафқатсизлик билан йўқ қилинаётгани ҳақида шикоят қилган. Энди ушбу шаҳарнинг олти нафар фуқароси видеомурожаат орқали шаҳар кўчаларида ҳайвонларни қиришни бас қилишда ёрдам беришни сўраб жамоатчилик ва давлат органларига юзланди, деб ёзади «Газета.uz».
Фуқаролар сўзларига кўра, туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари кечалариям, кундузлариям одамларнинг кўз ўнгида ҳайвонларни белкурак дастаси билан калтаклаб, сўнг уларни қопларга солиб, олиб кетган. Фуқароларнинг жониворларга шафқатсиз муносабатни бас қилиш илтимосларига жавобан, истаган жойларига мурожаат қилишларини айтишган.
Аммо фуқаролар аризалар юборган давлат органлари ва маҳаллий органлар ҳам вазиятга жиддий ёндашмаган. Масалан, Ички ишлар вазирлиги «ушбу фактлар ўз тасдиғини топмагани сабабли, текширувни тўхтатган».
«Одамлар ёрдам сўраяпти, жониворларга нисбатан шафқатсизликни тўхтатишни сўраяпти, биз буни болалар кўраётганидан хавотирдамиз. Устига-устак, паспорти бўлган жониворларни ҳам олиб кетиш — ноқонуний», — деди «Mehr va Oqibat» жамияти директори Комила Шоалимова. Жамият давлат органларига юзланиб, уйсиз ҳайвонлар муаммосини инсоний йўл билан ҳал қилишда давлатга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ (0)