17 та қотиллик ва 15 та босқинчилик ҳужумлари учун судланган «GTA бандаси» аъзолари Ўзбекистонда ҳарбий тўнтаришни режалаштирган, деб ёзади «Nuz.uz» «Новая газета»га таяниб. Нашр маълумотларига кўра, жиноий тўда бошлиқлари ака-ука Субҳоновлар сохта паспортлар бўйича Россияда яшаб келган.
Улардан бири — Ҳолиқ Субҳонов сўроқ чоғида укаси билан бирга Ўзбекистонда ҳарбий тўнтаришни режалаштирганини тан олди. Атайлаб шунинг учун улар Покистондаги машғулот лагерида жиҳодчилар гуруҳида тайёргарликдан ўтган. 2012 йилда Ҳолиқ Ўзбекистонда экстремизм айблови бўйича қидирувга берилган.
Подмосковьеда ака-укалар одамларни ёллаш бўйича ишларни бошлаган, шунингдек, жанговар гуруҳ йиғган. Москва вилоятида барча жиноятлар пул учун амалга оширилган — тўда бошлиқлари орттирилган пулни ҳарбий эҳтиёжлар учун Покистонга юборган, шунингдек, ўз ватанларида ҳарбий тўнтаришни режалаштирган.
Айни пайтда «GTA бандаси» иши Москва вилоят судида кўриб чиқилмоқда. Судланувчилар беш кишидан иборат. Гуруҳнинг яна тўрт аъзоси 2017 йилнинг августида суддан қочишга уриниш чоғида ўлдирилган эди. Ўлдирилганлар орасида Ҳолиқ Субҳонов ҳам бўлган. Унинг укаси эса 2014 йил ноябрида Подмосковьеда қўлга олиш операцияси вақтида ҳалок бўлган.
Жиноий гуруҳ Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидан иборат камида 15 кишини ўз ичига олгани маълум. Гуруҳ Grand Theft Auto компьютер ўйинлари «шарафига» номланган.
Изоҳ (0)