Қирғизистоннинг еттита тижорат банки Ўзбекистон банклари билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда бугун, 8 февраль куни Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артём Новиков Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди, деб хабар берди «KNews».
Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасида молиявий ҳамкорлик тўғрисидаги битим 2017 йилнинг декабрь ойида имзоланган. Ўзбекистон делегациясининг ташрифи чоғида икки мамлакатнинг Миллий банклари ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувларни имзолаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, давлат тижорат банклари Ўзбекистон банклари билан лизинг шартномаларини имзолайди.
Шу билан бирга Қирғизистон Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга ва минерал ўғитларни сотиб олишга тайёр.
Ҳозирда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси 5 фоизни, хусусан экспортда — 8,7 фоизни, импортда —3,6 фоизни ташкил этади. 2016 йилда икки мамлакат ўртасида 192,3 миллион долларлик товарлар айланмаси амалга оширилган.
Изоҳ (0)