Тарихда илк бор ташкил этилган ва бокс фаолияти билан шуғулланувчи барча ташкилотларни бир ерга жамлай олган Сочидаги боксчилар халқаро форумида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этди.
Россия бокс федерациясининг ташаббуси билан барча кўзга кўринган халқаро федерациялар Сочида жам бўлди. Шу тариқа Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA), Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA), Бутунжаҳон бокс уюшмаси (WBC), Халқаро боксчилар федерацияси (IBF), Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO) вакиллари бир ерга йиғилди. Ўзбекистон бокс федерацияси форумга Олимпиада чемпионларидан Ҳасанбой Дўстматов ҳамда Шаҳобиддин Зоировни юборган бўлса, мамлакат профессионал боксига жавобгар ташкилот Муҳаммадқодир Абдуллаевни Сочига жўнатганди.
Ўзбекистон бокс федерациясининг «Дарё»га маълум қилишича, Рио—2016 Олимпиадаси чемпионлари бўлган ўзбекистонлик боксчилар россиялик ёш чарм қўлқоп усталари учун мастер-класс ўтказишга олиб борилган. Сир эмаски, WSB мусобақасида ҳам Uzbek Tigers боксчилари россиялик чарм қўлқоп усталарини бир неча бор мағлуб этишга муваффақ бўлган. Жаҳон Чемпионати ва Олимпиададаги натижалар ҳам ўзбекистонликлар Россия боксчиларидан ҳозирги вақтда олдинроқда эканини кўрсатиб турибди. Шу важдан Ҳасанбой Дўстматов ва Шаҳобиддин Зоиров Сочидаги бокс мактабида жуда илиқ кутиб олинган.
Изоҳ (0)