Бухоро вилояти ИИБ ЖҚБ тезкор ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир жараёнида Жондор тумани Самончиқ МФЙ Самончиқ қишлоғида яшовчи 1962 йилда туғилган Муродилла Тиллаев қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, 1978 йилда туғилган Хуршид Янгиев билан жиноий тил бириктиргани анқиланди, деб хабар беради вилоят ИИБ матбуот хизмати.
«Муродилла Тиллаев ва Хуршид Янгиев ходимлар томонидан назорат тариқасида юборилган шахсга ҳар бир қутисини 400 000 сўмдан жами бўлиб 800 000 сўм нақд пул эвазига 2 дона «Спички» ёзувли гугурт қутига қуритилиб, алоҳида-алоҳида қилиб қадоқланган ҳолдаги умумий соф вазни 7,91 граммга тенг бўлган марихуана гиёҳванд воситасини қонунга хилоф равишда ўтказган вақтда холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди», — дейилади хабарда.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида аниқланишича, улар ушбу гиёҳвандлик воситасини Жондор туманида яшовчи таниши Нодир Ашуровдан ҳар бир қутисини 230 минг сўмдан сотиб олган. Нодир Ашуровнинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда у ерда яна 6 дона гугурт қутиларга қуритиб жойлаштирилган марихуана гиёҳвандлик воситалари сақлаб келинаётганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)