Футбол бўйича Ўзбекистон U23 терма жамоаси Осиё чемпионига айлангач, ЎФФ биринчи вице-президенти ва бир вақтнинг ўзида МОҚ президенти бўлган Умид Аҳмаджонов мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди.
ЎФФ расмий сайтидаги хабарда футбол ривожи йўлида шахсан Шавкат Мирзиёевнинг ўзи суянч бўлиб тургани қайд этилган.
Барчамиз учун бирдек қадрли бўлган юртбошимиз Шавкат Миромонович! Бугун сизга ўзбекистонлик миллионлаб футбол мухлислари, мураббийлар, федерациямиз вакиллари ва албатта, Осиё майдонларида мардонавор тўп сурган терма жамоамиз аъзолари номидан мурожаат қилаётганимиздан бағоятда бахтиёрман.Сизнинг раҳнамолигингизда Ўзбекистон спорти, хусусан футболимиз олдинга каттагина қадам ташлади деб бемалол айта оламиз. Ўтган йил якунида юз берган ўзгаришлар кўп ўтмай, ўзининг мевасини бера бошлади ва 23 ёшгача бўлган йигитларимиздан ташкил топган жамоамиз Осиё мамлакатларини ортда қолдириб, қитъа чемпионлигини қўлга киритди. Бунда сизнинг фарзандларингиз, мамлакатнинг етук ўғлонлари футболи тараққий этган Хитой, Уммон, Япония, Жанубий Корея каби давлат термалари мағлуб этиб, драматик руҳда кечган ўйинда Ветнамни ҳам доғда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олишди.
Бир неча ой илгари Ўзбекистон яккакурашларда ўз ўрнига эга экани ҳақида айтиб, жамоавий спорт турларида ҳам ўсишимиз, олдинга қадам ташлашимиз зарурлигини куюниб гапиргандингиз. Ишонаманки, сизнинг бу сўзларингиз ўзбекистонлик барча спортчиларимизнинг онгига муҳрланиб, уларнинг юракларига қадар етиб борган. Биз буни футболчиларимиз мисолида кўриб турибмиз.
Сизнинг раҳбарлигингиз, ташаббусингиз ва албатта ғамхўрлигингиз остида меҳнат қилиш барчамиз учун бирдек шарафли. Умид қиламизки, янги йилдаги дебют ғалабамиз қолган футболчилар руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, биз келажакда улкан ғалабаларни ҳали кўп нишонлаймиз. Барчаси учун катта раҳмат!
Ҳурмат билан, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов
Изоҳ (0)