Исроил ҳудудида Африкадан ташқарида топилган замонавий одам (Homo sapiens)нинг энг қадимий қолдиқлари аниқланди, деб ёзади «ТАСС» Тель-Авив университетига таяниб.
Халқаро антропологлар гуруҳи Исроил шимолидаги Кармель тоғларида Мислия ғорида олиб борилган қазиш ишлари чоғида қадимий одам тишлари бўлган жағ бўлакларини топди. Тишлар 177—194 минг йил аввалги даврга тегишли деб топилди. «Топилма замонавий одамлар Шарқий Ўрта денгизбўйи ўлкасида аввал тахмин қилинганидан кўра 50 минг йил олдинроқ яшаганини кўрсатади», — дейилади университет баёнотида.
Замонавий одамлар тахминан 160—200 минг йил олдин Африкада пайдо бўлган, деб ҳисобланади. У ерда улар ривожланган ва қитъадан қарийб 100 минг йил илгари кўчиб ўтишни бошлаган.
Шу пайтгача Африка қитъасидан ташқарида топилган илк Homo sapiens қолдиқлари ҳам Исроилда аниқланган ва 90—120 минг йил аввалги даврга тегишли деб топилган эди.
Изоҳ (0)