Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Ақтўбеда юз берган фожиа ва унинг оқибатлари муҳокамасига бағишланган селектор йиғилиши ўтказди ва йиғилиш давомида Тошлоқ тумани аҳолисини Фарғона вилоятини бутун Ўзбекистонга шарманда қилишда айблади. Ҳокимнинг йиғилишдаги чиқишидан аудиоёзув парчаси «Kun.uz» томонидан эълон қилинди.

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 18 январь куни ўзбекистонлик йўловчиларни олиб кетаётган автобус ёниб кетган эди. Ҳодиса оқибатида Ўзбекистоннинг 52 фуқароси ҳалок бўлди. Қурбонларнинг 16 нафари Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидан.

Йиғилишда ҳоким Тошлоқ тумани вакилларини айблар экан, уларни бир неча бор «ҳаромилар!» деб ҳақоратлаган, «Падарингга ланъат!» деб айтган. Туман ҳокимига эса, агар у мард бўлса, «залдан чиқиб, йўқолиб кетишни» тавсия қилган.Ўз навбатида, Шуҳрат Ғаниев бу йил Тошлоқ туманидан ҳеч ким Ҳаж зиёратига юборилмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, Тошлоқ туманидан бўлган қурбонларнинг оилалари учун «бечора вилоятдагилар» 80 миллион сўм тўплаб берганини айтган.Бундан ташқари, вилоят ҳокими ҳудуддаги масъул идораларга барча автотураргоҳ, бекатларда текширувлар ўтказиш, Россияга кетишда гумон қилинаётган шахсларни текшириш ҳақида кўрсатма берган.

Ҳамма нарса менинг эсимда турибди. Булар Ново-Кокандский заводни беркитган. Тошлоқдан бориб, митинг қилиб беркитган, бирлик бўлиб, ҳаромилар. Тошлоқдан чиққан ҳаромилар бор эди, беш-олтита. Ҳаромилар! Ҳаромини ҳароми дейди! Кеча бозор бўйича ҳунар қилдинг... Тошлоқлик... Э, сан номардлар...

Шунинг учун, маҳалла, эшитиб олинг, сиз ҳам эшитиб олинг, Қамариддин Фаттоҳовичга ҳам айтдим: Тошлоқдан бирортаси Ҳажга бормайди. Бирортаси Ҳажга бормайди Тошлоқдан! Тириги ҳам бормайди, отаси ҳам бормайди! Тошлоқдагиларнинг ҳаммаси маҳрум бўлди!

Шунинг учун, бориб, жойида хулоса чиқариб, ҳисоб-китоб қиласиз, тушунарлими? Тошлоқда ўтирган анави аҳмоқ билан савол-жавоб қилишнинг ҳожати ҳам йўқ. Энди бўлари бўлиб бўлди, эшитиб қўйсин Тошлоқдагилар ҳам. Яна бечора вилоятдагилар ҳомийлик қилди, 80 миллион сўм. Мана, ҳозир бош вазиримиз айтдилар, 5 миллион сўмдан деб. Мен буни таъна қилиш учун гапираётганим йўқ.

Бирортаси бормайди зиёратга! Ҳаммасини ўчирасиз! Биттаси ҳам бормайди! Билиб туриб, кўриб туриб... Ҳаммаси 20—22 яшар йигитлар. 1999 йилда туғилгани ҳам бор битта. Уйланмаган йигитларни олиб кетаверадими? Ота-онаси нима қилиб юрибди? Энди бечора участковой айбдор бўлади. Маҳалла эса турибди у ерда, тишини кавлаб.

Эртага ёзса ёзаверсин менинг устимдан: «Ғаниев Ҳажга бормайсан деди, фалон деди, пистон деди», деб. Митинг қилганлар шулар бўлади. 2005 йили, Тақир деган жойда ички ишлар ходимларига тош отиб қувган ҳам шулар бўлади. Ҳаромилар!..

Икки-учтадан хотин қилгани ҳам Тошлоқдан! Шаърий никоҳ ўқиб берган мулласи ҳам Тошлоқдан! Хотинларини қўйвориб, болалари билан етим қилиб, алимент тўламай юргани ҳам Тошлоқдан! Падарингга ланъат! Сан Тошлоқдагиларнинг бир жойинг йўғон бўлиб кетган бўлса... [...]га юбориш керак Тошлоқдагиларни, ҳокимидан бошлаб. Ҳаромиларни!

Вилоятни бутун республикага шарманда қилганлар. Бозорни устидан ёзадиган ҳам Тошлоқдан. Бозорда бир-бири билан эшакминди ўйнайдигани ҳам Тошлоқдан. Қўлингдан келмаса, чиқиб кет ҳозир залдан, ҳоким бўлиб ўтирмасдан! Мард бўлсанг, шундай чиқ-да, йўқолиб кет! Йўқолиб кет! Номард!

Кейинги масала. Вилоят Автодарётранс, эй, сиз ҳам Тошлоқдан чиққансиз-у, оғайни. Мен билмайман, эртага вилоятдаги киракашлар, мана, 10 мингта рўйхатда тургани бор, бошқаси бор. Тошкентга кетаётгани, қатнаётгани бор. Булар (қурбонлар)нинг ҳаммаси машинада кетган. Поездда ҳам кетмаган, самолётда ҳам кетмаган. ДАН вакиллари билан бирга юриб, ҳар битта автотураргоҳ текширилади. Ўзи Россияга кетаётгани маълум бўлади — қўлида юки катта бўлади.

Шуҳрат Ғаниев, Фарғона вилояти ҳокими

Бу ҳокимларнинг қўл остидагиларга нисбатан қўполлик қилгани ошкор бўлиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2017 йил сентябрида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод тумани Носиржон Эгамбердиев тумандаги мактаб директорларини ураётгани видеоси, кейинроқ, 2017 йил ноябрида Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев шаҳардаги коллеж директорларини ҳақорат қилаётгани аудиоси тарқалиб кетган эди.

Кейинчалик Дилмурод Раҳматуллаев маъмурий жавобгарликка тортилгани, суд унга энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима тўлаш жазосини тайинлагани маълум бўлди. Носиржон Эгамбердиев эса 2018 йилнинг январь ойида ўз аризасига кўра ишдан кетди — унинг иши ҳам судга оширилгани айтилган эди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил давомида бир неча бор муштумзўр, қўпол ҳокимлар масаласига тўхталиб ўтди. Президент бундай амалдорларни «Президент сиёсатига қаршилар» деб атади, кейинроқ: «Ҳокимларга одамларни ҳақорат қилишга ким ҳуқуқ берди?», деб савол қўйди.

Маълумот учун, бу йил 50 ёшга тўладиган Шуҳрат Ғаниев 2011 йил ноябридан бери Фарғона вилоятига раҳбарлик қилиб келади. 2015 йилдан — сенатор. 1992 йили Тошкент давлат аграр университетини, 2005 йилда Тошкент кимё-технология институтини тамомлаган.

Вилоят ҳокими этиб тайинлангунига қадар «Агрокимётаъминот», «Қишлоқхўжаликкимё» компаниялари тизимида (1996—2004 йилларда) турли масъул лавозимларида ишлаган, 2004—2007 йилларда «Ўзкимёсаноат» компанияси бошқаруви раиси ўринбосари, 2007—2008 йилларда Вазирлар Маҳкамасида ахборот-таҳлил департаменти мудири сифатида ишлаган. 2008—2011 йилларда Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Украина ташқи ишлар вазири Путиннинг “Зеленскийни ўлдирмаслик” бўйича берган ваъдасига муносабат билдирди
Спорт
А Серия. Элдор Шомуродовнинг дебют ўйинида “Специя” ўзида “Наполи”га йирик ҳисобда ютқазди
Дунё
Marsдан ҳам совуқроқ: АҚШда ҳаво ҳарорати тарихий рекордни янгилади (видео)