Икки фарзанднинг отаси, оиласи билан тинч-тотув яшаб келаётган Касби туманилик Шерзод Холиёров (исм-шарифи шартли) геология-қидирув ишлари билан шуғулланадиган корхонага ишга кирмоқчи бўлиб, мурожаат қилганида унинг ҳужжатлари текшириб кўрилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.
Кутилмаганда мазкур корхона мутасаддилари унинг муқаддам судланганлигини айтиб қолишди. Буни эшитиб, Шерзод эсанкираб қолди. Бу ҳам етмагандай, тегишли органлардан бу ҳолатга аниқлик киритишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари ҳеч қандай натижа бермади.
Ойлаб чўзилган сарсонгарчилик ва ҳақ-ҳуқуқи поймол этилиши Шерзоднинг соғлиғига жиддий таъсир ўтказди. Ниҳоят у Президентнинг Қашқадарё вилояти Халқ қабулхонасига мурожаат қилди.
Аниқланишича, бунга ички ишлар ходимларининг оддий эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги сабаб бўлган экан. Шерзод исм-фамилияси, ҳатто отасининг исми билан бир хил бўлган бошқа бир фуқаро билан чалкаштириб юборилган. Ўша фуқаро эса 2011 йилда йўл-транспорт ҳодисаси содир этганлиги учун 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган экан. 2016 йилда эса фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлагани учун яна қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Қизиғи шундаки, ҳақиқий жиноятчи Касбида эмас, Қарши туманида яшайди. Уларнинг ёши ва туғилган йили ҳам бир-бирига тўғри келмайди.
Ички ишлар идорасидаги бу чалкашликни оддийгина қилиб «англашилмовчилик бўлибди» деб қўя қолишди. Лекин биргина мурожаат билан аниқланиши мумкин бўлган ушбу англашилмовчилик учун бир бегуноҳ фуқаро уч ой овора бўлиб, Халқ қабулхонасининг аралашуви билангина ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклади. Қолаверса, ишсиз ҳам қолди.
Изоҳ (0)