Жиззах вилоятида 2017 йилнинг иккинчи ярмида аҳолидан энергия ресурслари учун жами 239 миллиард сўм тўлов ундирилди. Бу 2016 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 100 миллиард сўм кўп, деб хабар беради ЎзА.
Мажбурий ижро бюроси томонидан қарзларни ундириш бўйича олиб борилаётган амалий тадбирлар давомида бундай қонунбузилишлар ўрганилиб, тегишли тартибда чора кўрилмоқда.
Масалан, мажбурий ижро бюроси Зомин тумани бўлими томонидан туман электр таъминоти корхонасида ўтказилган текшириш давомида қарздорликни яшириш орқали жиддий қонунбузарликка йўл қўйилгани аниқланди. 2017 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, истеъмолчиларнинг электр энергиясидан қарздорлиги 19 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган. Аммо корхонанинг мансабдор шахслари электр энергияси ҳисоб-китобини тартибга солувчи дастурга бу қарздорликни 14 миллиард сўмдан сал ортиқ қилиб киритган. Натижада 4 миллиард 480 миллион 738 минг сўм қарздорлик дастурга киритилмасдан қолган.
Бундан ташқари, истеъмол қилинмаган электр энергияси учун асоссиз равишда 11 миллиард 666 миллион сўмлик нореал қарздорлик дастурга киритилиши натижасида давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Шунингдек, вилоят бўйича ўтган йили энергия ресурсларидан бўлган қарздорлигини ўз вақтида амалга оширмаган 10 минг 631 истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилди.
Изоҳ (0)