Ҳозирда тергов қилинаётган Қозоғистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири Қувондиқ Бишимбаев судда президент Нурсултон Назарбоевдан кечирим сўради. Бунга қарамай у ўз айбини тан олмади, деб хабар беради «РБК».
Давлат маблағини қонунга хилоф тарзда сарфлаш ва порахўрликда айбланаётган Бишимбаев омма олдида президентга панд берганини тан олди.
«Мен президент олдида айбдор эканлигимни биламан. Жаксибаев, Жакупов каби мен билган ва мен ишга таклиф қилган инсонлар менга панд берди. Мен бунга жавобгарликни президент олдида ўз зиммамга оламан. Вазият шундай тус олганидан уяламан ва президент ишончини оқламаганимдан оғринаман. Мен кадрлар танлашда адашдим. Атрофимга ишончимни суиистеъмол қилган инсонларни тўпладим. Мен давлат раҳбари ва халқимдан бунинг учун кечирим сўрайман», — дейди Бишимбаев.
Шунингдек, собиқ вазир ўз фаолиятидаги муваффақиятларига айнан президент сабаб эришганини ҳам таъкидлаб ўтди.
Бишимбаев 2017 йилнинг январь ойида ҳибсга олинган эди. У 2016 йилнинг 6 майидан 28 декабрига қадар Қозоғистон иқтисодиёт вазири лавозимида ишлаган.
Изоҳ (0)