Грецияда 1 январдан экологик солиқ жорий этилди: энди супермаркетларда пластик пакет учун 4 евроцент тўлашга тўғри келади. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Келгуси йил 1 январдан уларнинг нархи 9 евроцентгача кўтарилади. Расмийлар уларни утилизация қилиш ва кўп маротабали пакет ва сумкалардан фойдаланишни рағбатлантириши билдирилмоқда.
«Пластик пакет одатий истеъмолимиздан чиқиб кетиши керак. Биз истеъмолчиларнинг ўзини тутишини ўзгартирмоқчимиз. Улар фуқаро сифатида экологик оқибатларни ҳис этиши керак», — дейди атроф-муҳит вазирининг ўринбосари Сократис Фамеллос.
Маълумотларга кўра, Грецияда пластик пакетлардан Европага нисбатан ўртача икки баробар кўпроқ фойдаланилади: 2015 йилда Евроиттифоқда бир кишига йил мобайнида 175, Грецияда эса 363 пакет тўғри келган.
Изоҳ (0)