Қашқадарё вилоятининг Косон тумани Раим Сўфи номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида умумий қуввати 32 мегаватт бўлган «Турон» подстанцияси ва 28 километр узунликда 2 занжирли 110 кВт.ли ҳаво линияси қурилиб, фойдаланишга топширилди, деб ёзади ЎзА.
Косон туманидаги Раим Сўфи, Ёдгор, Алатўн, Хўжақудуқ, Алачабоп, Бўрихона, Яккасарой, Ўйрот, Карракли қишлоқлари вилоятнинг чекка чўл ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳисобланади. Ушбу қишлоқлар аҳолиси узоқ йиллардан буён электр токи етишмаслигидан қийналиб келарди. Раим Сўфи номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 1975 йилда қурилган подстанция эскирган, ўтган йиллар мобайнида қишлоқлар кенгайиб, аҳоли сони ортгани ҳисобига мавжуд эҳтиёжни умуман қондира олмаётган эди.
Умумий қиймати 30 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этган мазкур лойиҳанинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида Косон ва Чироқчи туманларидаги 20 мингдан ортиқ хонадон, «Шўртаннефтгаз» масъулияти чекланган жамиятига қарашли нефть қудуқлари ҳамда ҳудуддаги 100 дан ортиқ бошқа юридик истеъмолчини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилди.
Изоҳ (0)