Сергели туманида қурилган янги кўп қаватли уй-жойлардан бир нечта хонадон имконияти чекланган, эътиборга муҳтож инсонларга топширилди, деб хабар беради ЎзА.
Жорий йилда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида саккиз юздан зиёд эътиборга муҳтож инсонга ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламаси, бошқа зарурий тиббий анжомлар, дори-дармонлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари мунтазам бериб борилди.
Шунингдек, уй-жойга муҳтож 30 кишига уй олиши учун бошланғич маблағ тўлаб берилди. Тошкент шаҳрида яшовчи имконияти чекланган фуқароларнинг 44 нафари имтиёзли, арзон, барча шарт-шароитга эга кўп қаватли уйлардан ўз хонадонига эга бўлди.
Тадбир доирасида кардиолог, терапевт, педиатр, окулист ва бошқа мутахассислардан иборат гуруҳлар иштирокчиларни лаборатория, ЭКГ, УТТ ёрдамида тиббий текширувдан ўтказди.
Хабарда қайд этилишича, нуронийлар, имконияти чекланганлар, эҳтиёжманд оилалар вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди. Уларга уй калитлари билан бирга уй-рўзғор учун керак бўладиган маиший техникалардан иборат совғалар ҳам топширилди.
Изоҳ (0)