Ярим ҳимоячи Отабек Шукуров фаолиятини БАА чемпионатида давом эттиришга қарор қилди. Амирлик чемпионатида иштирок этувчи 12 клуб орасида 9-ўринни эгаллаб турган «Шаржа» Отабек Шукуров билан 1,5 йиллик шартнома имзолади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзосининг «Бунёдкор» билан шартномаси ўз якунига етган. Шу боисдан ҳам Шукуров янги жамоаси базасига эркин агент сифатида йўл олган. Амирлик чемпионатида миллий терманинг яна икки футболчиси — Азиз Ҳайдаров ҳамда Сардор Рашидов ҳам тўп суради.
«Машъал» футбол академиясидан етишиб чиққан футболчи «Бунёдкор»даги ўйинлари орқали танилди. Тошкент гранди Элдор Шомуродов ҳамда Отабек Шукуровни бир вақтда сотиб олганди. Ҳужумчи фаолиятини Россиянинг «Ростов» клубида давом эттиришга қарор қилган бўлса, Шукуров БАА лигасини афзал кўрди.
Ортда қолган 11 та турдан кейин «Шаржа» 10 очко билан кифояланиб турибди. Клуб сафида Шукуровдан ташқари чилилик Сезар Пинарес, бразилиялик Веллитон ҳамда Вагнер Виейра легионер мақомида тўп тепади. Қайд этиш керак, Сардор Рашидов жамоаси «Ал-Жазира» БАА чемпионатида 5-ўринни, Ҳайдаровнинг «Ажман» клуби эса 7-ўринни эгаллаб турибди.
«Championat.asia» нашрининг маълумот беришича, Отабек Шукуров билан шартнома имзолаган «Шаржа» клубида 5 йил муқаддам ўзбекистонлик Тимур Кападзе ҳам ўйнаган. Кападзе Шаржадаги фаолиятини қониқарсиз деб билади. Кейинроқ бир нечтагина ўйинда майдонга тушган Кападзе, Қозоғистон клубига ўтиб кетишни афзал билганди.
Маълумот учун, Кападзе «Шаржа» билан шартнома имзолаганида 31 ёшда бўлган. Шукуров эса 22 ёшида мазкур клуб вариантида тўхталди.
Изоҳ (0)