Истеъдодли хонанда ва «Шуҳрат» медали соҳиби Хожиакбар Раҳматов куни кеча оламдан ўтди. Хонанда шу кунга қадар Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмасининг «Навбаҳор» ашула ва рақс ансамбли олий тоифали хонандаси сифатида фаолият юритган, деб хабар берди Маданият вазирлиги матбуот хизмати.
Хонанда 1965 йилнинг 11 апрелида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Хожиакбар Раҳматов 3 нафар ўғил ва 1 та қизнинг отаси эди.
Хожиакбар Раҳматов фаолияти давомида Малайзия, Туркия, Ҳиндистон, Украина, Германия мамлакатларида «Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари» гастрол сафарларида бўлиб, ўзбек санъатини жаҳон халқларига яқиндан таништирган. У ижро этган «Зилоликда», «Сочингни майда ўргин», «Эшигингни билмай очдим», «Зебо қиз» қўшиқлар эл юрт орасида олқишларга сазовор бўлган.
Ансамблдаги фаолиятида устоз санъаткор сифатида санъатни ривожлантириш, ёш хонандаларнинг профессионал маҳорати ва тажрибасини ошириш борасида талабчанлик ва жонкуярлик билан меҳнат қилган.
Изоҳ (0)