Ўзбекистон мусулмонлари идорасида бўлиб ўтган йиғилишда ўтаётган йил давомида диний соҳада амалга оширилган кенг кўламли ишлар танқидий ва таҳлилий кўриб чиқилди, деб хабар беради идора матбуот хизмати.
Тадбирда муфтий Усмонхон Алимов сўзга чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг диний-маърифий саводхонликни ошириш, Ислом динининг эзгу таълимотларини тарғиб этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлидаги ташаббуслари ҳақида гапирди.
Шунингдек, якунига етаётган йил мўмин-мусулмонлар учун қувонарли бўлгани, жумладан, янги масжид-мадрасалар очилгани, илмий марказлар ташкил этилгани, диний таълим муассасаларига талабаларнинг қабул квотаси оширилгани ва бошқа муҳим ишлар ҳақида маълумотларни йиғилганларга тақдим этди.
Усмонхон Алимов ҳозирги давр жуда тез ривожланаётгани, эскича ишлашни замон кўтармаслиги ҳамда ишга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда уламолар кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳ (0)