Наманган вилоят ИИБ ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида «Ёшлар янги йил карнавали»га старт берилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Ёшлар — келажак бунёдкори» шиори остида ўтказилаётган мазкур карнавал ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида жиноятчилик ва суиқасд каби салбий иллатлар олдини олиш, миллий анъаналар ва маданиятга бўлган қизиқишларини ошириш каби қатор мақсад ва вазифаларни ўз ичига олган.
Карнавал доирасида 3 та танлов ва 4 та лойиҳа амалга оширилади. Лойиҳа иштирокчиларига махсус автобуслар бириктирилган бўлиб уларнинг ҳар бири «Биз жиноятчиликка қаршимиз», «Ўз болангни ўзинг асра», «Биз ёшлар коррупцияга қаршимиз», «Биз одам савдосига қаршимиз» каби ўз шиорига эга.
Косонсой, Тўрақўрғон ва Янгиқўрғон туманларида бошланган карнавалнинг «Бирлашамиз ватан равнақи сари» шиори остидаги янги йил флешмоблари ва Наманган санъат коллежи қошидаги симфоник оркестр концерт дастури туман ёшлари томонидан илиқ кутиб олинди.
Карнавал вилоят миқёсида барча туманларда давом эттирилиб, финал босқичи Наманган шаҳрида якунланади.
Изоҳ (0)