Самарқанд шаҳридаги йўловчи ташиш транспортлари ҳайдовчиларидан 200 нафари «Янги йил байрами қаҳрамонлари» қиёфасида кийинтирилади, транспорт воситалари эса байрам руҳига мос суратлар билан безатилади. Бу ҳақда «Зарафшон» газетасининг Facebook’даги саҳифасида хабар берилди, деб ёзади UZ24.
Хабарга кўра, Самарқандда вилоят ҳокимлиги ишлаб чиққан чора-тадбирлар режаси асосида Янги йил байрамини ўтказишга тайёргарлик бошланди. Шаҳар кўчалари байрамга мос равишда безатилмоқда, кўчалар ободонлаштирилмоқда.
Шунингдек, байрам арафасида кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда «Энг чиройли безатилган арча», «Энг чиройли бино» ва «Энг намунали кўча» номинациялари бўйича танлов эълон қилинади, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Бу йил байрам тадбирлари Самарқанд шаҳрининг 6 та жойида ташкил қилинади:
- Вилоят мусиқали драма театри ёнидаги майдон;
- Темирйўл вокзали олдидаги майдон;
- Сартепо маскани (Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги 2-сон академик лицей олдидаги майдон);
- Кимёгарлар шаҳарчаси («Дилшод» ресторани олдидаги майдон);
- Сўлим шаҳарчаси (2-сон замонавий маданият ва дам олиш маркази биноси олдидаги майдон);
- Фарҳод шаҳарчаси («Зарафшон» истироҳат боғи).
Изоҳ (0)