Канада ҳарбий-денгиз кучлари наркотрафикка қарши кураш бўйича халқаро CARIBBE операцияси доирасида йил бошидан бери тўққиз тонна кокаиннинг Шимолий Америкага кириб келишининг олдини олди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Канада миллий мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, февраль—декабрь ойлари давомида Лотин Америка соҳиллари яқинида АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати кемалари билан биргаликда ўтказилган рейдлар давомида умумий қиймати 298 миллион долларлик наркотиклар мусодара қилинган.
Ноябрь ойидан бошлаб операцияларга Канада ҳарбий-ҳаво кучларининг CP-140 Aurora разведкачи самолёти ҳам жалб этилган. Мазкур самолёт тақдим этган ахборот шарофати билан, АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати кемалари ноябрь—декабрь ойларида Тинч океанида уч тонна кокаинни ушлаб қолган.
Наркотрафикка қарши кураш бўйича CARIBBE халқаро операцияси 2006 йилдан бери ўтказилади. Унда, Канада ва АҚШдан ташқари, Франция, Буюк Британия, Испания ва Нидерландия кемалари ва самолётлари ҳам жалб этилган. Улар Кариб ҳавзаси, Мексика кўрфази акваториясида, шунингдек, Лотин Америкасининг Эквадор ва Колумбия каби мамлакатлари соҳилларида патруль билан шуғулланади.
Қайд этишларича, сўнгги 11 йил давомида Канада ҳарбий-денгиз кучлари 83 тонна наркотикнинг Жанубий ва Марказий Америка мамлакатларидан Шимолий Америкага ўтишининг олдини олган.
Изоҳ (0)