Хитойнинг Сичуань провинциясида тутқунликда туғилиб ўсган иккита панда ёввойи табиатга қўйиб юборилди, деб хабар берди «Синьхуа».
Ҳайвонларнинг исми Ба Си ва Ин Сюэ бўлиб, улардан бири эркак иккинчиси урғочи. Пандалар озодликка қўйиб юборилгунига қадар олимлар уларнинг соғлиғи устида текширув ўтказди. Шунингдек, пандаларнинг ҳаракатини кузатиш мақсадида уларга GPS қурилмалар «ўрнатилган».
«Уларнинг аҳволи жуда яхши. Одамларни кўргач улардан егулик сўраш ўрнига, пандалар ўрмон ичига югуриб кетди», — деди Катта пандаларни ҳимоя қилиш ва ўрганиш марказининг ходими У Дайфу.
Иккала панда ҳам марказда икки йил олдин дунёга келган. Туғилганидан буён уларга мустақил емиш ва сув топиш, ёввойи табиатда хавф-хатардан қочиш ўргатилган.
Ўтган йилда ҳам ушбу қўриқхонага Хэшэн лақабли панда қўйиб юборилган эди, бироқ орадан икки ой ўтгач у вафот этган.
Изоҳ (0)