Хитой 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб 187 турдаги истеъмол товарлари учун импорт божларини пасайтиради. Бу ҳақда Хитой Молия вазирлигига таяниб, «Ведомости» хабар берди.
«Интерфакс» нашрининг маълумотларига кўра, пасайиш ўртачада 7,7—17,3 фоизни ташкил этади, болалар озиқ-овқатининг айрим турлари божи эса бекор қилинади. Молия вазирлиги рўйхатидан турли товарлар ўрин олган — болалар тагликларидан тортиб қаҳва машиналари ва чанғи инвентарларига қадар (мамлакатда аналоги бўлмаган маҳсулотлар). Баъзи дориларнинг импорт божлари 6 фоиздан 2 фоизгача, вермут (хушбўй вино) ва шу турдаги алкоголь маҳсулотларининг божи эса 65 фоиздан 14 фоизгача туширилади.
Вазирлик божларнинг пасайтирилишини истеъмолчилар талабининг ўсишига боғлади. Божлари пасайтириладиган товарлар қаторидан «талаб юқори ва кундалик ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ» бўлган сифатли импорт ва тор соҳадаги маҳсулотлар ўрин олди. Идорадагилар, импорт божларининг пасайтирилиши истеъмолчиларнинг танловини яхшилашига хизмат қилишига умид боғлаган.
Импорт божларининг пасайиши 327 миллиард долларга тенг бўлган Хитой—АҚШ билан савдо балансининг профицитини камайтириш имконини беради.
Ноябрь ойида мамлакат савдо вазири Чжун Шан Хитой ҳукумати Хитой бозорини импортга бўлган талабни қўллаб-қувватлаш учун хорижий ишлаб чиқарувчиларга очиш йўлида бир қатор чора-тадбирлар тайёрлаётганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)