15 ноябрь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ўзининг расмий www.mudofaa.uz веб-сайтини ишга туширди. Сайт вазирлик фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, мамлакат Қуролли кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тезроқ хабардор қилиш, ҳарбий хизмат обрўсини ошириб, армия ва халқ ўртасида яқин алоқаларни сақлаб туриш имконини беради. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизматига таяниб «Kommersant.uz» хабар берди.
Эндиликда ОАВ вакиллари ҳамда фуқаролар вазирлик раҳбариятига мурожаат қилмасдан туриб ишончли ва зарур маълумотларни веб-сайт орқали олишлари мумкин бўлади.
Сайтдан мажбурий элементлардан ташқари видеороликлар ва ҳарбий-ватанпарварлик қўшиқлари, шунингдек, ҳарбий оркестрнинг мусиқий асарлари ўрин олган. Бундан ташқари сайт фойдаланувчилари истаган вақтларида «Ватанпарвар» ва телевидение орқали эфирга узатилган мавзуга доир кўрсатувларни кўриши мумкин бўлади. Алоҳида тугма ёрдамида Ўзбекистон Қуролли кучлари Давлат музейининг тарихий экспонатлари билан танишиш имкони ҳам мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, 1 июль ҳолатига кўра давлат органларининг очиқлиги индексида Мудофаа вазирлиги рейтингдан энг паст кўрсаткичлардан бирини эгаллаган эди.
Изоҳ (0)