Тошкент вилоятининг Бекобод туманида ёш қизчаларнинг зиракларини ечиб олиб, талончилик жиноятини содир этган аёл ички ишлар органлари ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида фош этилиб қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида тўпланган ҳужжатларга кўра, 1993 йилда Бекобод туманида туғилган И.У жамиятда ижтимоий фойдали меҳнат тури билан шуғулланмасдан, талончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-тарож қилиш жиноятини қасддан содир этган.
Жумладан, 2017 йил 24 октябрь куни уй бекаси У.Анинг, 29 октябрь куни уй бекаси З.Мнинг қўл телефонларини фойдаланиш баҳонасида олиб қочиб кетиб, ушбу телефон аппаратларини фуқаро Д.Хга ўғирланганлигини маълум қилмасдан сотиб пулларини ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, I.У 2017 йил 31 октябрь куни Бекобод тумани 13-сонли умумий таълим мактабининг 5-синфида таълим олувчи 2007 йилда туғилган С.Анинг қулоқларида бўлган тилла зираклардан, унинг чап қулоғидаги бир дона тилла зиракни, шу куни соат тахминан 12:30 да Бекобод шаҳрида кўп қаватли уйнинг олдидаги болалар майдончасида ўтирган 2001 йилда туғилган К.Тнинг қулоқларида бўлган бир жуфт тилла зиракни, 1 ноябрь куни соат тахминан 09:10 да Бекобод тумани Зафар қўрғонида жойлашган 55-сонли мактаб биносининг олдида, шу мактабнинг 3-синфида ўқувчиси, 2008 йилда туғилган М.Қнинг тилла зирагини очиқдан-очиқ талон-тарож қилган, тилла зиракларни сотиб, ушбу пулларни ҳам ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Ушбу жиноятни содир этганлиги учун I.У Жиноят Кодексининг тегишли моддасига кўра, жавобгарликка тортилди.
Изоҳ (0)