Олимлар уч аср илгари жодугарлиги учун ҳалок бўлган аёлнинг юзини қайта тиклади, деб ёзади National Geographic.
Лилиас Эди 1704 йилда Шотландиядаги Торриберн қишлоғида ҳибсга олинган. Уни жодугарликда, шунингдек, инс-жинслар билан алоқа ўрнатишда айблашган. Қамоқхонада уни қийноқларга солишган, сўнг гулханда ёқиб юборишмоқчи бўлишган.
Аммо аёл муқаррар ўлимини кутмасдан, қамоқхонада ўз жонига қасд қилган. Унинг жасадини қирғоқ яқинига, сув кўтарилган пайтда сув остида қоладиган жойга кўмиб, жодугар «қайта тирилмаслиги» учун улкан тош плита бостириб қўйишган.
XIX аср бошида жасад қазиб олиниб, бош суяги Сент-Эндрю университети музейига берилган, у ерда уни турли ракурслардан суратга олишган, шундан сўнг бош суяги изсиз йўқолган. Орадан кўп йиллар ўтгач, Данди университети мутахассислари марҳуманинг қиёфасини қайта тиклашга қарор қилди, шунингдек Лилиас ўлган вақтида 60 ёшда бўлганини аниқлади.
Олимлар аёл шунчаки шароит ва миш-мишлар қурбони бўлганига шубҳа қилмаяпти.
Изоҳ (0)