АҚШнинг 20 та штати, 50 дан ортиқ йирик шаҳри ва 60 дан зиёд корхонаси, президент Дональд Трамп мамлакатни Париж иқлим келишувидан чиқаришга уринаётганига қарамай, зарарли чиқиндилар ҳажмини қисқартириш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
The Guardian газетасига кўра, ушбу нодавлат бирлашувнинг иқтисодий қудрати 10 триллион долларни ташкил этади.
Германиянинг Бонн шаҳрида 6–17 ноябрь кунлари бўлиб ўтаётган БМТ иқлим конференциясида (COR-23) бизнес ва маъмуриятлар вакиллари «Америка ваъдаси» (America’s pledge) номли ягона бирлашма сифатида чиқиб, глобал исишга қарши курашда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
АҚШ президенти иқлим келишувига қарши чиқиб келмоқда. Унинг фикрича, паст углеродли иқтисодиёт АҚШ манфаатларига тўғри келмайди.
Нью-Йоркнинг собиқ мэри Майкл Блумберг гуруҳни зиммасига кўмир энергетикасини қисқартириш, қайта тикланувчи энергия манбаларига ва энергия самарадорлигига инвестиция киритиш каби мажбуриятларни олишга чақирди.
«Бу ажойиб, — деди Барак Обама даврида иқлим бўйича музокараларда АҚШ вакили бўлган Пол Боднар. — Бу штатлар ва шаҳарларнинг иқтисодий қудрати Париж келишувини имзолаган 197 мамлакатнинг 195 тасидан кучлироқ».
Изоҳ (0)